11.09.2013

Викинглар, йўғей Викилар оиласи.

Талабалик давримизда ҳар биримиз бизнинг меҳрибон “онамиз”, суянган тоғимиз, ҳар ишда (мустақил ишлар, рефератлар ва ш.к.) бизга мададкор бўлган Wikipedia энциклопедиясидан фойдаланганмиз. Бу энциклопедиядан фойдаланмаган талабаларни топаман деб овора ҳам бўлманг, уларни санаш учун бармоқ ҳам шарт эмас.
Wikipedia дунёдаги энг йирик энциклопедия ҳисобланади ва унинг таркибида дунёнинг 286дан ошиқ тилларида ёзилган 28 миллиондан ортиқ мақолалар мавжуд бўлиб, ушбу мақолаларнинг барчаси кўнгилли муаллифлар томонидан ёзилган. Бу энциклопедиянинг сайтига ҳар ойда дунёнинг турли хил бурчакларидан 497 миллиондан ортиқ одам ташриф буюради. Сўнги ўн йил давомида Wikipedia энциклопедиясига миллионлаб инсонлар томонидан қўшилган мақолалар туфайли ушбу энциклопедия инсоният тарихидаги энг йирик билимлар маконига айланди.

Wikipedia энциклопедияси Wikimedia Фондининг лойиҳаларидан бири ҳисобланади ва ушбу энциклопедия Фонднинг энг омадли лойиҳасидир. Wikimedia Фондининг барча лойиҳаларини Wikimedia Ҳаракати бошқаради. Ушбу Ҳаракат ўз мақсад ва қарашларига эга инсонлар ва инсонлар гуруҳидан ташкил топган бўлиб, Ҳаракатнинг асосий мақсади бутун дунё бўйлаб бепул таълимнинг ўқув контентини яратиш ва уни қўллаб қувватлашдан иборат.

Шу ўринда Wikimedia Фонди тўғрисида икки оғиз: Фонд 192та ишчи штатдан иборат бўлиб, улар асосан учта йўналишда: технология (вебсайт устидаги ишлар, дастурий таъминот яратиш), ҳуқуқ, алоқалар, тарғибот (жамоатчилик билан ишлаш, жамоатчилик дастурлари ва ҳуқуқий ҳимоя), ҳамда таълим ва грантлар (дунё бўйлаб Wikimedia нуфузини ошириш ва унинг ривожланиш дастурларини қўллаб қувватлаш) бўйича иш юритишади. Фонд солиқлардан озод этилган нотижорат ташкилот ҳисобланиб, унинг бош қароргоҳи АҚШнинг Калифорния штати, Сан- Франциско шаҳрида жойлашган.
Энди навбатни Wikimedia Фондининг бошқа лойиҳалари яъни Wikipedia энциклопедиясининг энг кўзга кўринган “уруғ- аймоқларига” берсак.

Wiktionary (“wiki” ва “dictionary” сўзларининг бирикмасидан олинган) лойиҳасининг асосий мақсади барча тилларнинг очиқ контентли луғатини яратишдан иборат. Биринчи Wiktionary луғати инглиз тили учун 2002 йил 12 декабрда Брион Виббер томонидан ишлаб чиқилган. 2013 йил май ойи ҳолатига кўра луғатда 150дан ортиқ тилдаги тахминан 16 миллион сўз киритмалари мавжуд. Бу лойиҳа Wikimedia Commons лойиҳаси билан ҳамкорликда юритилади. Ҳозирги кунда кўплаб овоз файллари Commons лойиҳа тизимига юкланган бўлиб, бу файллар Wiktionary лойиҳасидаги сўзларнинг талаффуз этилиши ҳисобланади.

Wikiquote лойиҳаси машҳур инсонлар, китоблар, чиқишлар (минбар, саҳна), фильмлар ёки ихтиёрий интеллектуал қизиқарли материаллардан олинган маъноли гапларнинг йирик омборидир. Мақоллар, маталлар ва шиорлар ҳам ушбу лойиҳада қамраб олинган. Лойиҳа 2003 йил июль ойида ўз ишини бошлаган.

Wikibooks лойиҳасининг асосий мақсади дарсликлар, тил курслари, қўлланмалар ва эркин тарқатиш учун мўлжалланган китобларнинг электрон базасини тўплашдан иборат. Бу лойиҳа икки томонлама (таълим олувчилар ва таълим берувчилар) ривожланишга ёрдам беради. Лойиҳа 2003 йил июль ойида иш бошлаган бўлиб, ҳозирги кунда унинг таркибида 100 дан ортиқ тилдаги тахминан 185.000 даги тўпламлар мавжуд.

Лойиҳа 2003 йил ноябр ойида ўз ишини бошлаган бўлиб, сиз унда асл асарларни ўқишингиз мумкин. Бу лойиҳа универсал кутубхона яратиш мақсадида иш юритади. 2013 йил май ойи ҳолатига кўра кутубхонада умумий миқдорда 3 миллион 800 мингдан ортиқ асарлар мавжуд.

2004 йил 14 сентябрда фаолияти бошлаган. Лойиҳада ҳайвонлар, ўсимликлар, замбуруғлар, бактериялар ва бошқа жонли формалиларнинг синфланишига доир йирик каталоги мавжуд. Ҳозирда лойиҳада 380 мингдан ортиқ мақолалар мавжуд бўлиб, илмий соҳада банд бўлган инсонларнинг ахборотга бўлган эҳтиёжини қондиришдан иборат.

Wikinews лойиҳаси 2004 йил декабр ойида иш бошлаган бўлиб, унинг асосий мақсади кенг миқиёсда турли мавзулардаги янгиликларни эълон қилишдан иборат. Дунёнинг турли бурчагидан муаллифлар ҳамкорликда янгиликлар ёзиб боришади. Бу ердаги фикрлар ташқи манбалардаги оригинал янгиликлар, репортажлар ва интервюлардан фарқ қилади. Бу лойиҳада барча фикрлар холислик билан ёзилиши зарур. Ҳозирги вақтда лойиҳанинг иккита мақсади бор: тижорат янгиликлари сайтларини муқобил контент билан таъминлаш ва уларни фактлар асосида текшириш ҳамда чуқур ўрганиш.

Ушбу лойиҳа илмий тадқиқотларга мансуб ўқув материаллари ва таълим даргоҳлари учун бағишланган. Лойиҳа 2006 йил 15 августда инглиз ва немис тилларида ишга тушган. Wikiversity  номига эга бўлсада, лойиҳадаги материаллар фақат университетлар учун эмас, балки барча ўқувчилар учун очиқ. Бу эса ўз навбатида таълим самарадорлини оширишга ёрдам беради.

Лойиҳанинг асосий мақсади дунё бўйлаб саёҳат қилишда ёрдам берувчи эркин, тўлиқ ва муҳим ахборот берувчи “йўлбошчи”, “гид” яратишдан иборат. Wikivoyage лойиҳаси 2013 йил январ ойида иш бошлаган ва бу лойиҳа кўнгиллилар томонидан мароқли дам олиш бўйича ўз билимларини ўртоқлашиб борадилар. Лойиҳа 2006 йил Wikitravel номи остида немис тилида иш бошлаган бўлиб, кейинчалик Wikimedia лойиҳалари таркибига кирган. Ҳозирги кунда лойиҳа 14 тилда фаолият кўрсатмоқда.

Лойиҳа 2004 йилда иш бошлаган. Унинг асосий мақсади барча лойиҳалар учун марказлашган маълумотлар билан таъминлаш омборини ташкил этишдан иборат. Бу омборда расмлар, диаграммалар, хариталар, видеолар, анимациялар, мусиқа, овоз, овозли матнлар ва бошқа медиа файллар сақланади.

Лойиҳанинг мақсади қисқача қилиб айтганда – билимлар базасини шакллантиришдан иборат. 2012 йил октябр ойида иш бошлаган. Бу билимлар базаси инсонлар ва машиналар ёрдамида ўқилиши ва таҳрир қилиниши мумкин. Wikimedia Commons лойиҳасининг аналоги бўлиб, фақат бунда медиа файллар билан эмас, балки маълумотлар билан иш олиб боради ва бу маълумотларни таҳлил қилиб боради.
Юқорида санаб ўтилган лойиҳалар Wikimedia Фондининг ҳозирда ишлаб турган йирик лойиҳалари ҳисобланади. Агарда таклиф қилинган ва режалаштирилаётган лойиҳаларни умумлаштириб ҳисобласак, улар бир неча юзтани ташкил этади.

PS: Кейинги пост Wikimapia ҳақида...