11.12.2013

Жин урсин...!!!

Жин урсин! Wikileaks бир литр сутга беш  литр сув қўшишимни билиб қолибди :-(
Сут сотувчи холанинг дард ҳасратларидан

Хурсанд бўлманг, сизга ҳам  навбат келади. Тўққизинчи синфни битирмасдан, қалбаки диплом билан лицейга ўқишга кирганизни  ҳам, хотинингизни кўзига чўп тиқиб, бештаси билан юрганизни ҳам, одноклассникда қиз бола профилида кириб, “кенайишкалар” группасида ўтирганизни ҳам биламиз... Фараз қилинг тепангизда биттаси шунақа деб турса, ёки мобиль телефонингизга ҳар беш дақиқада шу мазмундаги смслар келаверса. Ўзингиздан хавотир олиб, қўрқувга тушушингиз табиий, шундайми? Худди шундай! Одамлар ўз йўлигаю, ҳозирги кунда манаман деган “крутой” давлатларнинг ҳам янги замон муаммолари олдида боши қотган. Бугунги мавзу турли хил давлат раҳбарлари, сиёсатчилари ва маълум гуруҳлар томонидан энг “ширин” сўзларнинг энг юмшоғи ҳисобланган “Жин урсин!!!” сўзлари билан сийланаётган – Wikileaks ва у бошлаб берган янги давр тўғрисида. Бу тўғрисида кўп эшитган бўлсангиз керак. Фақатгина асосий маълумотларга урғу бериб ўтаман.
Wikileaks 2006 йилда собиқ хакерДжулиан Ассанж томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, бу тизимнинг ҳам Wikimedia Фондиган ҳеч қандай алоқаси йўқ. “Leaks”- “ахборотнинг сизиб чиқиши”, “wiki” – “очиқ” мазмунини берувчи сўзлар бирикмасидан ҳосил бўлган. Дастлаб, муаллиф ҳақида икки оғиз.
Джулиан Ассанж Австралияда таваллуд топган бўлиб, ёшлигиданоқ аниқ фанларга ва компьютерга қизиқиши юқори бўлган. Ўқувчилик даврида жами 37та мактабда таълим олган. 1990 йилларда компьютер хавфсизлиги ва маршрутизация бўйича бир қанча дастурлар ёзган. Хакерлик билан шуғулланган йилларида Mendax ники остида фаолият юритган. Ассанж шунингдек, “Underground” (“Ерости”) китобининг ҳаммуаллифи бўлиб, бу китобда 1989-1991 йилларда австралиялик хакерлар гуруҳи томонидан АҚШ Мудофаа Вазирлиги, Лос- Аламосдаги лаборатория ва “Nortel” телекоммуникация  корпорацияларининг тармоқларига қилинган ҳужум эпизодлари келтириб ўтилган. Кейинчалик бу ишлари учун Австралия суди олдида жавоб берган.
Ассанж машҳур лойиҳаси тўғрисида 1996 йилларда режа тузган бўлиб, орадан уч йил ўтиб, “leaks.org” доменини сотиб олган. 2008 йилда Кения президентига қарши материалларни чоп этгани учун Amnesty International мукофоти билан тақдирланган.
2006 йил Бразилияда Ассанж томонидан Wikileaks тақдимоти ўтказилади ва шу йилнинг ўзида Ассанжнинг айтиши бўйичи тизимда турли давлатлардан тўпланган 1 миллионга яқин махфий ҳужжатлар ўрин олган. Кейинчалик 2010 йилда Wikileaks тизимида Ироқдаги урушга доир ҳали ҳеч қаерда чоп этилмаган 400 мингга саҳифага яқин маълумотлар ошкор этилади. Ва кейинчалик яна жуда кўпгина материаллар сабаб Ассанж АҚШнинг энг катта душманига айланади. Унга қарши уруш бошланади. Paypal, Mastercard, Visa каби молиявий тизимлардаги Wikileaks ва Ассанжга тегишли бўлган ҳисоб рақамлар музлатилади. Wikileaks тизимига хизмат қилувчи хостинг хизматлари (Amazon) тизимга хизмат қилишдан воз кечади. Хуллас, нимаики қўлларидан келса барчасини қилишга ҳаракат қиладилар. Ҳаттоки, “маликалар” хизматидан ҳам безбетларча Ассанжга қарши фойдаланадилар. Буниси энди сийқаси чиққан мавзу. 
Лекин Ассанж ёлғизланиб қолмаганди. Бутун дунё бўйлаб хакерлар Ассанж ҳимоясига отланади. Жавоб тариқасида, Paypal, Mastercard, Visa тизимлариги ёппасига ҳужумга ўтадилар. Бу тизимлар бутунлай тўхмаган бўлсада уларнинг иш фаолияти сезиларли даражада пасайиб кетади. Кейинчалик дунёнинг турли бурчакларида жуда кўплаб хакерлик гуруҳлар томонидан Wikileaks тизимининг нусхалари пайдо бўла бошлайди. Бугунги кунга келиб тизимнинг 500 дан ортиқ нусхалари бор.
Бир сўз билан айтганда Ассанж ҳозирги дунё дипломатиясининг асл қиёфасини очиб ташлаб, катта уруш бошладики, буни бемалол “биринчи жаҳон кибер уруши” деб аташ мумкин.
Ҳозирги замон ахборот ва коммуникация тизимлари шу даражада ривожланмоқдаки, инсоният олдида ўзи илғамаган хавф хатар кўпаймоқда. Оддий мисол, iPhone 5S телефонининг хавфсизлик тизимига бармоқ излари қўшилганини эшитиб ёки ўз кўзингиз билан кўриб, “қойил” дейсиз. Шу тизимни ишлаб чиққанларга эса ўн карра қойил. Бунга жуда кўп мисолларни келтириш мумкин. Ҳали бу мисолларга алоҳида пост сифатида тўхталиб ўтаман. Қуйидаги расмни қайндай тушунасиз?
Бугунги кунда жамики инсоният “халоскори” сифатида қўл чўзаётган ниқоб остидаги дипломатия замонавий технологиялар ёрдамида турли кўринишда “ноз карашмалар” қилмоқда. Инсоният буюк технологиялар давридан буюк қулдорлик даври томон ўзи билмаган ҳолда ҳаракатланмоқда.
Дунёда янгича кураш бошланган. Бу информацион кураш. Бу кибер уруш. Жин урсин!


Пост охирида Wikileaks гуҳуҳининг Швецарияда фаолият юритган қароргоҳининг тасвирлари. Қачонлардир бу қароргоҳ яна қайта жонланар.
 
   
 


PS: Ахборотни ўғирлаш мумкин бўлган каналлар тўғрисида кейинги постда. Кузатишда давом этинг...

11.10.2013

Кечирасиз, айтолмайсизми, Ц1 қаерда жойлашган?

Мабодо, сиз билмайсизми? Аниқ чегаралариничи? Мен ҳам билмасдим, токи Wikimapia менга ёрдам бермагунича. Демак, ушбу пост Wikimapia лойиҳаси ҳақида. Ушбу лойиҳа тўғрисида викилар оиласи ҳақидаги постимда қўшиб кетсам бўлар эди, лекин унга кейинчалик алоҳида пост ёзишни мақсад қилган эдим. Бунга асосий сабабни батафсил айтиб ўтаман. Аммо, бир дўстим викилар оиласи ҳақидаги постим эълон қилинганидан кейин “Wikimapia ҳақида ёзмабсан” деган комментидан кейин шу ишимни якунлаб қуя қолай деган фикрга келдим. Демак бошладик.
Дастлаб лойиҳанинг мақсади ҳақида. Wikimapia – Ер юзидаги географик объектларни белгилаш ва уларни тавсифлаш учун мўлжалланган халқаро онлайн географик энциклопедия бўлиб, бу тизим тўлалигича текин ҳисобланади ва барча таҳрирлаш кўнгилли фойдаланувчилар томонидан амалга оширилади. Лойиҳага 2006 йил 24 майда Александр Корякин ва Евгений Савельев томонидан асос солинган. Ҳозирги кунда лойиҳада 2 миллионга  яқин фойдаланувчилар рўйхатдан ўтган ва 20 миллиондан ортиқ объектлар қўшилган. Лойиҳа шиори “Бутун дунёни тавсифлаймиз (тасвирлаймиз)” (Let’s describe the whole world!).
  Wikimapia лойиҳасининг номига эътибор берсак, бу ҳам Wikimedia Фондининг лойиҳа деб ўйлашингиз мумкин, аслида ундай эмас. Wikimapia лойиҳаси Wikimedia Фондидан мутлақо мустақил бўлиб, тижорат компанияси сифатида асосий фойдани рекламалардан олади. Бу лойиҳа тўғрисида алоҳида пост ёзишимнинг асосий сабаби шу.
Лойиҳада Google, Bing, Yandex ва Wikimapia компанияларининг турли турдаги хариталаридан фойдаланилмоқда.
Бу лойиҳанинг афзаллиги шундаки, сиз ўзингизга керакли географик жой ва объектларнинг тўлиқ контурланган чегаралари ва тавсифини кўришингиз мумкин.
Масалан, тизимдан Тошкент шаҳрини излаймиз, натижа  эса қуйидагича:

Энди шаҳар ичидаги бирор туман, мисол учун, Учтепа туманининг чегараларини аниқлаштириб оламиз:

Юқорида сарлавҳада берилган саволга жавоб топамиз, Марказ-1 (Ц-1) ҳудуди:

Олой бозори:


Ҳаттоки кўчаларни ҳам ажрата олиш мумкин, мисол учун Содиқ Азимов кўчаси (изоҳ: тўқ сариқ контур):

Бу лойиҳанинг яна бир афзаллиги объектларни турли хил категориялар бўйича саралаш имконияти мавжуд:

Энди шаҳардаги барча олий ўқув юртларини қидирамиз ва қуйидаги натижани оламиз (натижалар махсус белгилар билан кўрсатиб ўтилган):


Қизиқ факт: Wikimapia сайтида биринчи киритилган объект қуйидаги боғламда жойлашган.
Сўнги сўз ўрнида сизга савол: Олий Мажлис биноси қайси туман ҳудудида жойлашган? Чилонзор туманида дейсизми? Адашасиз. Ишонмасангиз, ишонч ҳосил қилинг!!!

PS: Кейинги пост Wikileaks ҳақида.

11.09.2013

Викинглар, йўғей Викилар оиласи.

Талабалик давримизда ҳар биримиз бизнинг меҳрибон “онамиз”, суянган тоғимиз, ҳар ишда (мустақил ишлар, рефератлар ва ш.к.) бизга мададкор бўлган Wikipedia энциклопедиясидан фойдаланганмиз. Бу энциклопедиядан фойдаланмаган талабаларни топаман деб овора ҳам бўлманг, уларни санаш учун бармоқ ҳам шарт эмас.
Wikipedia дунёдаги энг йирик энциклопедия ҳисобланади ва унинг таркибида дунёнинг 286дан ошиқ тилларида ёзилган 28 миллиондан ортиқ мақолалар мавжуд бўлиб, ушбу мақолаларнинг барчаси кўнгилли муаллифлар томонидан ёзилган. Бу энциклопедиянинг сайтига ҳар ойда дунёнинг турли хил бурчакларидан 497 миллиондан ортиқ одам ташриф буюради. Сўнги ўн йил давомида Wikipedia энциклопедиясига миллионлаб инсонлар томонидан қўшилган мақолалар туфайли ушбу энциклопедия инсоният тарихидаги энг йирик билимлар маконига айланди.

Wikipedia энциклопедияси Wikimedia Фондининг лойиҳаларидан бири ҳисобланади ва ушбу энциклопедия Фонднинг энг омадли лойиҳасидир. Wikimedia Фондининг барча лойиҳаларини Wikimedia Ҳаракати бошқаради. Ушбу Ҳаракат ўз мақсад ва қарашларига эга инсонлар ва инсонлар гуруҳидан ташкил топган бўлиб, Ҳаракатнинг асосий мақсади бутун дунё бўйлаб бепул таълимнинг ўқув контентини яратиш ва уни қўллаб қувватлашдан иборат.

Шу ўринда Wikimedia Фонди тўғрисида икки оғиз: Фонд 192та ишчи штатдан иборат бўлиб, улар асосан учта йўналишда: технология (вебсайт устидаги ишлар, дастурий таъминот яратиш), ҳуқуқ, алоқалар, тарғибот (жамоатчилик билан ишлаш, жамоатчилик дастурлари ва ҳуқуқий ҳимоя), ҳамда таълим ва грантлар (дунё бўйлаб Wikimedia нуфузини ошириш ва унинг ривожланиш дастурларини қўллаб қувватлаш) бўйича иш юритишади. Фонд солиқлардан озод этилган нотижорат ташкилот ҳисобланиб, унинг бош қароргоҳи АҚШнинг Калифорния штати, Сан- Франциско шаҳрида жойлашган.
Энди навбатни Wikimedia Фондининг бошқа лойиҳалари яъни Wikipedia энциклопедиясининг энг кўзга кўринган “уруғ- аймоқларига” берсак.

Wiktionary (“wiki” ва “dictionary” сўзларининг бирикмасидан олинган) лойиҳасининг асосий мақсади барча тилларнинг очиқ контентли луғатини яратишдан иборат. Биринчи Wiktionary луғати инглиз тили учун 2002 йил 12 декабрда Брион Виббер томонидан ишлаб чиқилган. 2013 йил май ойи ҳолатига кўра луғатда 150дан ортиқ тилдаги тахминан 16 миллион сўз киритмалари мавжуд. Бу лойиҳа Wikimedia Commons лойиҳаси билан ҳамкорликда юритилади. Ҳозирги кунда кўплаб овоз файллари Commons лойиҳа тизимига юкланган бўлиб, бу файллар Wiktionary лойиҳасидаги сўзларнинг талаффуз этилиши ҳисобланади.

Wikiquote лойиҳаси машҳур инсонлар, китоблар, чиқишлар (минбар, саҳна), фильмлар ёки ихтиёрий интеллектуал қизиқарли материаллардан олинган маъноли гапларнинг йирик омборидир. Мақоллар, маталлар ва шиорлар ҳам ушбу лойиҳада қамраб олинган. Лойиҳа 2003 йил июль ойида ўз ишини бошлаган.

Wikibooks лойиҳасининг асосий мақсади дарсликлар, тил курслари, қўлланмалар ва эркин тарқатиш учун мўлжалланган китобларнинг электрон базасини тўплашдан иборат. Бу лойиҳа икки томонлама (таълим олувчилар ва таълим берувчилар) ривожланишга ёрдам беради. Лойиҳа 2003 йил июль ойида иш бошлаган бўлиб, ҳозирги кунда унинг таркибида 100 дан ортиқ тилдаги тахминан 185.000 даги тўпламлар мавжуд.

Лойиҳа 2003 йил ноябр ойида ўз ишини бошлаган бўлиб, сиз унда асл асарларни ўқишингиз мумкин. Бу лойиҳа универсал кутубхона яратиш мақсадида иш юритади. 2013 йил май ойи ҳолатига кўра кутубхонада умумий миқдорда 3 миллион 800 мингдан ортиқ асарлар мавжуд.

2004 йил 14 сентябрда фаолияти бошлаган. Лойиҳада ҳайвонлар, ўсимликлар, замбуруғлар, бактериялар ва бошқа жонли формалиларнинг синфланишига доир йирик каталоги мавжуд. Ҳозирда лойиҳада 380 мингдан ортиқ мақолалар мавжуд бўлиб, илмий соҳада банд бўлган инсонларнинг ахборотга бўлган эҳтиёжини қондиришдан иборат.

Wikinews лойиҳаси 2004 йил декабр ойида иш бошлаган бўлиб, унинг асосий мақсади кенг миқиёсда турли мавзулардаги янгиликларни эълон қилишдан иборат. Дунёнинг турли бурчагидан муаллифлар ҳамкорликда янгиликлар ёзиб боришади. Бу ердаги фикрлар ташқи манбалардаги оригинал янгиликлар, репортажлар ва интервюлардан фарқ қилади. Бу лойиҳада барча фикрлар холислик билан ёзилиши зарур. Ҳозирги вақтда лойиҳанинг иккита мақсади бор: тижорат янгиликлари сайтларини муқобил контент билан таъминлаш ва уларни фактлар асосида текшириш ҳамда чуқур ўрганиш.

Ушбу лойиҳа илмий тадқиқотларга мансуб ўқув материаллари ва таълим даргоҳлари учун бағишланган. Лойиҳа 2006 йил 15 августда инглиз ва немис тилларида ишга тушган. Wikiversity  номига эга бўлсада, лойиҳадаги материаллар фақат университетлар учун эмас, балки барча ўқувчилар учун очиқ. Бу эса ўз навбатида таълим самарадорлини оширишга ёрдам беради.

Лойиҳанинг асосий мақсади дунё бўйлаб саёҳат қилишда ёрдам берувчи эркин, тўлиқ ва муҳим ахборот берувчи “йўлбошчи”, “гид” яратишдан иборат. Wikivoyage лойиҳаси 2013 йил январ ойида иш бошлаган ва бу лойиҳа кўнгиллилар томонидан мароқли дам олиш бўйича ўз билимларини ўртоқлашиб борадилар. Лойиҳа 2006 йил Wikitravel номи остида немис тилида иш бошлаган бўлиб, кейинчалик Wikimedia лойиҳалари таркибига кирган. Ҳозирги кунда лойиҳа 14 тилда фаолият кўрсатмоқда.

Лойиҳа 2004 йилда иш бошлаган. Унинг асосий мақсади барча лойиҳалар учун марказлашган маълумотлар билан таъминлаш омборини ташкил этишдан иборат. Бу омборда расмлар, диаграммалар, хариталар, видеолар, анимациялар, мусиқа, овоз, овозли матнлар ва бошқа медиа файллар сақланади.

Лойиҳанинг мақсади қисқача қилиб айтганда – билимлар базасини шакллантиришдан иборат. 2012 йил октябр ойида иш бошлаган. Бу билимлар базаси инсонлар ва машиналар ёрдамида ўқилиши ва таҳрир қилиниши мумкин. Wikimedia Commons лойиҳасининг аналоги бўлиб, фақат бунда медиа файллар билан эмас, балки маълумотлар билан иш олиб боради ва бу маълумотларни таҳлил қилиб боради.
Юқорида санаб ўтилган лойиҳалар Wikimedia Фондининг ҳозирда ишлаб турган йирик лойиҳалари ҳисобланади. Агарда таклиф қилинган ва режалаштирилаётган лойиҳаларни умумлаштириб ҳисобласак, улар бир неча юзтани ташкил этади.

PS: Кейинги пост Wikimapia ҳақида...

11.08.2013

Хакерлар фаолиятига доир фильмлар

Хакерлар тўғрисидаги биринчи фильм - қайси фильм ва у қачон экран юзини кўрганлигини биласизми? Ушбу фильм "Уруш ўйинлари" ("War games") деб номланади ва 1983 йилда АҚШда суратга олинган бўлиб, этиборга молик жиҳати айнан шу йил ARPANET TCP/IP протоколидан фойдалана бошлаган, яъни интернет эраси бошланган.
Қуйида хакерлик фаолияти билан боғлиқ саҳналарга бой фильмлар рўйхати келтириб ўтилган. Фильмлар сюжети давр ўтган сари ўзгариб, шаклланганлигини кўриш мумкин. Фильмларга баҳо беришдан олдин ўша давр техника ва технологиялари ҳисобга олинг.

Писмиқлар (Sneakers)

Премьера: 1992 й. 9 сентябр
Жанр: триллер, жангари, криминал, триллер, комедия, мелодрама
Давлат: АҚШ
Режиссёр: Фил Олден Робинсон
Бош ролда: Роберт Редфорд, Бен Кингсли, Дэн Эйкройд, Дэвид Стрэтэйрн, Сидни Пуатье
Фильмга боғлам: http://fast-torrent.ru/film/tihushniki.html

Тармоқ (The Net)

Премьера: 1995 й. 28 июль
Жанр: жангари, драма, криминал, триллер
Давлат: АҚШ
Режиссёр: Ирвин Уинклер
Бош ролда: Сандра Баллок
Фильмга боғлам: http://fast-torrent.ru/film/set.html

Хакерлар (Hackers)

Премьера: 1995 й. 15 сентярь
Жанр: драма, криминал, триллер, жангари
Давлат: АҚШ
Режиссёр: Йен Софтли
Бош ролда: Анджелина Джоли, Мэттью Лиллард, Джонни Ли Миллер, Фишер Стивенс
Фильмга боғлам: http://fast-torrent.ru/film/hakeryi.html


Хакерлар 2 (Hujum) (Takedown)

Премьера: 2000 й. 15 март
Жанр: триллер, жангари
Давлат: АҚШ
Режиссёр: Джо Чэппелл
Бош ролда: Аманда Пит, Том Беренджер, Кристофер МакДональд
Фильмга боғлам: http://fast-torrent.ru/search/takedown/1.html

Аччиқ ҳақиқат (Antitrust)

Премьера: 2001 й. 12 январь
Жанр: драма, криминал, триллер
Давлат: АҚШ
Режиссёр: Питер Хауит
Бош ролда: Райан Филипп

Қиличбалиқ (Swordfish)

Премьера: 2001 й. 4 июнь
Жанр: триллер, жангари, криминал
Давлат: Австралия, АҚШ
Режиссёр: Доминик Сена
Бош ролда: Хью Джекман, Джон Траволта, Холли Берри, Винни Джонс
Фильмга боғлам: http://fast-torrent.ru/film/parol-ryiba-mech.html


Кодер (Cypher)

Премьера: 2002 й. 7 ноябрь
Жанр: триллер, детектив, фантастика
Давлат: АҚШ
Режиссёр: Винченцо Натали
Бош ролда: Люси Лью, Найджел Беннетт, Джереми Нортэм
Фильмга боғлам: http://fast-torrent.ru/film/koder.html

Тўлов (Paycheck)

Премьера: 2003 й. 25 декабр
Жанр: триллер, жангари, фантастик, детектив
Давлат: АҚШ
Режиссёр: Джон Ву
Бош ролда: Бен Аффлек

Оловли девор(Firewall)

Премьера: 2006 й. 2 февраль
Жанр: криминал, триллер
Давлат: Австралия, АҚШ
Режиссёр: Ричард Лонкрэйн
Бош ролда: Харрисон Форд

Метин 4.0 (Live Free or Die Hard)

Премьера: 2007 й. 12 июнь
Жанр: триллер, жангари, криминал, триллер
Давлат: Буюк Британия, АҚШ
Режиссёр: Лен Уайзман
Бош ролда: Брюс Уиллис

ТРОН: Мерос (TRON: Legacy)

Премьера: 2010 й. 5 декабр
Жанр: триллер, жангари, фантастика, воқеъилик
Давлат: АҚШ
Режиссёр: Джозеф Косински
Бош ролда: Гаррет Хедлунд, Оливия
Фильмга боғлам: http://fast-torrent.ru/film/tron-nasledie.html


Тикланиш (Reboot)

Премьера: 2012 й. 23 июль
Жанр: триллер, драма, қисқаметражли
Давлат: АҚШ
Режиссёр: Джо Кавасаки
Бош ролда:  Эмили Сомерс
Фильмга боғлам: http://fast-torrent.ru/film/perezagruzka.html

Қароқчилар кўрфази (The Pirate Bay Away from Keyboard)

Премьера: 2013 й. 08 февраль
Жанр: ҳужжатли
Давлат: Буюк Британия, Германия, Норвегия, Дания, Голландия, Швеция
Режиссёр: Саймон Клозе
Бош ролда:  Томас Норстрем, Йонас Нилссон, Карл Лундстрём